EUR
10158.86
RUB
145.10
USD
8182.73
Бугун:

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган брифингда нмалар хақида гапирилди?

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган  брифингда нмалар хақида гапирилди?
Одам савдоси — инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноят бўлиб, чегара танламаслиги, ўз гирдобига асосан ёшлар ва аёлларни тортаётгани билан хавфли ва ташвишлидир. 

Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Бироқ одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар бу ҳуқуқнинг қўпол тарзда бузилишига олиб келмоқда. 

Сўнгги йилларда дунёда одам савдоси жинояти оқибатида юзага келаётган глобал хавф ортиб бораётгани бу иллатга қарши жиддий кураш олиб боришни талаб этмоқда. Мамлакатимизда ноқонуний миграция ва одам савдосининг олдини олиш ҳамда унга қарши курашишга катта эътибор қаратилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган ¬«Ноқонуний миграция ва одам савдосига қарши курашиш» мавзуидаги брифинг бу оғир жиноятларнинг аянчли оқибатлари ҳамда уларнинг олдини олиш борасида қилиниши зарур бўлган вазифаларга бағишланди. 

— 2016 йилда ва жорий йилнинг биринчи ярмида МХХ органлари томонидан Ўзбекистон фуқароларини ноқонуний меҳнатга ва жинсий эксплуатацияга жалб қилиш мақсадида чет элга чиқариш билан шуғулланган 216 нафар шахс¬нинг фаолиятига чек қўйилди. Кейинчалик уларга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) бўйича жиноят ишлари қўзғатилди, — деди брифингда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати матбуот маркази катта ходими Лола Юлчибаева. — Мазкур йўналишдаги жиноий ишлар материалларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, одам савдосига ихтисослашган маҳаллий уюшган жиноий гуруҳларнинг Қозоғистон, Россия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Осиё-Тинч океан минтақаси (ОТОМ) ва Европа Иттифоқи мамлакатларидаги уюшган жиноий гуруҳлар билан биргаликда халқаро тармоққа айланиш жараёни жадал кечмоқда. 

Ўзбекистон фуқароларини хорижий мамлакатларга етказиш учун фойдаланилаётган трафикнинг асосий каналлари сифатида Қозоғистон, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Озарбайжон ва ¬Украинадан фойдаланилмоқда. Ўзбекистонликларни ушбу мамлакатларга олиб чиқиб кетишда қалбаки виза ва чиқиш қайд¬ларига эга бўлган миллий паспортлардан ва бошқа давлатларнинг сохта паспортларидан фойдаланилмоқда. 

МХХнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ёш қизларни жинсий эксплуатация қилиш учун Бангкок шаҳрига (Таиланд) олиб чиқиш билан шуғулланган Ўзбекистон фуқаролари Л.Сафаева ва Н.Усмоноваларнинг фаолиятига чек қўйилди. Қизларни чет элга чиқариш «Тошкент — Киев — Бангкок» йўналиши орқали амалга оширилган. Украинага келган одам савдоси қурбонларини шу мамлакат фуқароси Юрий Зиганчов кутиб олган ва Киев шаҳри аэропортининг чегара хизматида ишлайдиган турмуш ўртоғи кўмаги билан фуқароларимизнинг Таиландга жўнатилишини таъминлаган. МХХ идоралари томонидан амалга ¬оширилган тезкор тадбирлар натижасида Л.Сафаева ва ¬Н.Усмоновага нисбатан жиноий иш қўзғатилди ва суднинг ҳукмига кўра, улар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди. 

МХХнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан вилоятда истиқомат қилаётган қизларни Бирлашган Араб Амирликларига жўнатиш билан шуғулланган йирик уюшган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди ва тугатилди. Хусусан, ёш қизларни Бирлашган Араб Амирликларида мажбурий ишлатиш учун излаш, ёллаш ва Хоразм вилоятидан олиб чиқиш билан шуғулланган И.Аманова қўлга олинди. Унинг шериклари К.Атажанов ва Ш.Ражабов ҳам жиноий жавобгарликка тортилди.
 
Жирканч ишга қўл урганлар ҳақида яна бир фактни келтириб ўтсак. У. Раҳимов қизларни «Ўзбекистон — Россия — Бирлашган Араб Амирликлари» йўналиши бўйича юбориш билан шуғулланиб келган бўлса, уларни жўнатиш жараёнида қўриқлаш ва хавф-сизликларини таъминлаш вазифаси Э.Атамуратовга юклатилган.
Бирлашган Араб Амирликларига етиб келган қизларни эса Дубай шаҳрида бир нечта фоҳишахона юритаётган, 1995 йилда Хоразм вилоятида туғилган О.Алламова ва 1983 йилда Қаш¬қадарё вилоятида туғилган Д.Шабиева кутиб олган. 

Тезкор тадбирлар давомида уюшган жиноий гуруҳ аъзолари 1995 ва 1997 йилларда туғилган қизларни Россия орқали Дубай шаҳрига жўнатиш мақсадида Қозоғистон ҳудудига олиб чиқишга уринаётган вақтда қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан МХХ бошқармаси материаллари асосида Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилган. 

Баъзи ҳолатларда жинсий эксплуатацияга ихтисослашган уюшган жиноий гуруҳлар аввал хорижга чиққан ва депортация қилинган шахсларнинг биографик маълумотларини Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги жиноий алоқалари орқали ўзгартириб, уларни чет элга олиб чиқишмоқда. Янги ҳужжатлар расмийлаштирилгач, бундай шахслар учинчи мамлакат орқали олиб чиқиб кетилади. Ўз нав¬батида меҳнат эксплуатацияси учун одам ёллаш билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳлар мамлакатимиз фуқароларини гуруҳ кўринишида эмас, алоҳида-алоҳида олиб чиқиш амалиётидан фойдаланмоқда. 
 

Шу билан бир қаторда уюшган жиноий гуруҳлар аъзолари фуқароларимизни чет элга ноқонуний чиқариш мақсадида керакли мамлакатларга қалбаки таклифномалар ва визаларни расмийлаштириб бераётган турли туристик фирмалардан фойдаланаётганликлари ҳақида ҳам маълумотлар келиб тушмоқда. Бунда уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ўз қурбонларини визасиз тартиб амал қилаётган мамлакатларга чиқариб, сўнг уларни белгиланган манзилга етказишмоқда. 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси фуқароси «Х.Л.А» уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг кўмаги билан Қозоғистонга чиққан. Сўнг Дубай шаҳридаги «Royal Gardens Tourism» фирмаси орқали унга туристик виза расмийлаштирилган ва у Бирлашган Араб Амирликларига бориб, фоҳишалик билан шуғулланган.
 
Аниқланишича, мазкур фирма 1981 йил Самарқанд вилоятида туғилган Ўзбекистон фуқароси Ш.Тошов билан келишган ҳолда ўзбекистонлик қизларни жинсий эксплуатацияга жалб қилиш билан шуғулланиб келган. Фуқароларимиз Ўзбекистондан Қозоғистонга айланма йўллар билан олиб чиқилган. Қўзғатилган жиноят иши доирасида олиб борилган тергов-суриштирув жараёнлари натижасида уюшган жиноий гуруҳ аъзолари жавобгарликка тортилди. 

Шунингдек, Миллий хавфсизлик хизмати томонидан Ўзбекистон фуқароларини кейинчалик зўравонлик билан эксплуатация қилиш мақсадида Россия Федерациясига олиб чиқиш каналини йўлга қўйган уюшган гуруҳ фош қилинди ва тугатилди. Гуруҳ аъзолари бўлмиш ака-ука Ядгаровлар фуқароларимизни ёллаш ва Краснодар ўлкасига жўнатиш билан шуғулланишган. Уларнинг шериги, Россия фуқароси Тофик ¬Мамедов эса фуқароларимизни эксплуатация қилиш билан шуғулланган. Мамедов ҳар бир мигрант учун ака-ука Ядгаровларга 300 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти ваъда қилган. Сирожиддин ва Зиёвиддин Ядгаровларга нисбатан қўзғатилган жиноий иш судда кўриб чиқилиб, уларга 9 ва 8 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. 

Одам савдоси — ҳудуд билмайдиган жиноят. Шунинг учун ҳам унинг олдини олиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа мутасадди идораларнинг, балки ҳар бир фуқаронинг бурчидир. 

Равшан ШОДИЕВ,
«Ўзбекистон овози» 

Муносабат билдириш
Исмингиз: *
E-mail: *
Муносабатлар: *
» » Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган брифингда нмалар хақида гапирилди?